Ўзбекистон чегарасининг очилгани Қирғизистон президентлигига номзодлар учун қўл келди

Ўзбекистон ва Қирғизистон байроқлари.

Ўзбекистон билан чегараларнинг очилиши Қирғизистонда президентлик сайлови тарғиботида қўлланилаётган асосий мавзулардан бирига айланди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистон чегарасининг очилгани Қирғизистон президентлигига номзодлар учун қўл келди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5-6 сентябрь куни Бишкекка қилган ташрифи ортидан Ўш ва Андижон ўртасидаги “Дўстлик” чегара ўтказиш пунктининг очилиши Социал демкоратлар партиясидан президентликка кўрсатилган собиқ бош вазир Сўўрўнбай Жээнбековнинг сайловолди тарғиботида қўл келди.

Интернет тармоғида ва WhatsApp орқали тарқатилаётган маълумотларда чегаранинг очилишида август ойининг охирларида президентликка номзод сифатида рўйхатга олинганидан сўнг истеъфо берган собиқ бош вазир Сўўрўнбай Жээнбековнинг ҳиссаси катта экани урғуланмоқда.

“Бошқа номзодлардан 10 минг сўмдан олганингизда ҳам чегаранинг очилишига ҳеч нарса етмайди. Шунинг учун пулга сотилмай, овозингизни Сўўрўнбай Шариповични сайлаб беришингизни илтимос қиламиз”, -дейилади WhatsApp орқали тарқатилаётган овозли тарғиботларда.

Бозорқўрғонлик Сардор Муродов бундай тарғиботлардан оддий одамлар орасида тушунмовчиликлар пайдо бўлаётганини айтади:

-Сайлов бўйича ва WhatsApp’га кўпдан бери бундай тарғиботлар келаяпти. Жээнбековдан кўп келаяпти. Чегараларни президентлар очдими ёки Жээнбековми? Ростини айтсам халқимиз шу нарсага тушунмай қолди, -деди Сардор Муродов.

“Республика –Ата Журт” партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган собиқ бош вазир Ўмурбек Бабановнинг тарафдорлари ҳам ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевнинг қирғиз парламентида бўлган учрашувига оид видеоларни тарқтмоқдалар. Бу видеоларда Шавкат Мирзиёев Бабановга қарата: “Мен сиз ҳақингизда жуда кўп эшитганман”, дегани акс этган.

Марказий сайлов комиссиясининг тарғибот ишларини назорат қилиш ишчи гуруҳи раҳбари Назарали Арипов ижтимоий тармоқлардаги бу каби тарғибот-ташвиқот ишлари қонунга зид келмаслигини айтади:

-Ижтимоий тармоқларни биз назорат қила олмаймиз. Биз фақат расман аккредитациядан ўтган телеканаллар, газеталар, журналлар ва интернет сайтлардагина тарғибот ишлари қандай олиб борилаётганини кузатиб борамиз. Ижтимоий тармоқларда фақат номзодга нисбатан тухмат ёки миллатлараро низога чақирувчи тарғибот ўтказилаётган бўлса, шунда тегишли давлат органларига мурожаат қилишимизга тўғри келади, -деди Назарали Арипов.

Сиёсатшунослар эса ижтимоий тармоқларда бу каби тарғиботларнинг эълон қилинишини Қирғизистон аҳолисининг 14 фоизини ташкил этувчи ўзбеклар овозига эга бўлиш иштиёқи билан боғламоқдалар.

-Бу, албатта, пиарчиларнинг иши, улар маълумотларни шу тарзда ўз фойдасига ишлатмоқда. Ҳокимият ўзи истаган номзод фойдасига бу маълумотлардан тарғибот учун фойдаланиши мумкин, -деди сиёсатшунос Сейтек Қачқинбаев.

Қирғизистонда президентлик учун 13 номзод курашмоқда. Сайловолди тарғибот ишлари 10 сентябрдан бошланган ва 34 кун давом этади. 15 октябрда президентликка номзодлар учун сайловчилар овоз беради.