МБ: Нақд доллар аҳолига бир неча ойдан сўнг сотилиши мумкин

Ўзбекистонда бир неча ойдан сўнг аҳолига долларни нақд кўринишда сотиш бошланиши режалаштирилган.

Бу ҳақда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметовнинг баёнотига таяниб, маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Ишметовга кўра, бу масала кун тартибида турибди ва бу борадаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилади.

"Аниқ муддат ҳозирча йўқ, лекин бу албатта бўлади. Бир неча ойдан кейин бўлади деб ўйлайман, бунинг аниқ муддати келгуси вазиятга боғлиқ. Биз барча ишларни бошлашдан олдин “етти ўлчаб, бир кес” тамойилига амал қилганмиз. Буларнинг бари иқтисодиётга таъсир кўрсатади ва шу боис биз алоҳида шахсга эмас, бутун иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатишидан келиб чиқиб иш кўрамиз", - деган Марказий банк вакили.