ЎФФ: терма жамоага фақат хорижлик мураббий тайинланади

ЖЧ-2018 финал босқичига чиқа олмаган Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян (ўртада) мураббийликдан бўшатилган эди.

Бу ҳақда федерация матбуот хизматига таяниб uzbekistan24.uz хабар қилди.

"Федерациянинг янги раҳбарияти олдида зудлик билан ҳал қилинадиган 5 та устувор масала бор. Биринчиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийини тайинлашдир. Айни пайтда янги раҳбарият миллий терма жамоага бош мураббий тайинлашда фақат хорижлик мураббийлар номзодини кўриб чиқаётганлигини маълум қиламиз", дейилган федерация хабарида.

Федерация, шунингдек, келишилган ўйинларга қарши курашни янги босқичга олиб чиқмоқчи.

“ЎФФ структурасида футболдаги коррупциянинг олдини олиш учун маъсул бўлган махсус бўлинма, шунингдек, келишилган ўйинларга қарши кураш бўйича бўлим ва янги қўмита иш бошлайди. Бу бўлинма ва қўмита фаолиятини ЎФФ Президенти шахсан назорат остига олади”, дейилган хабарда.

12 сентябр куни Ўзбекистон футбол федерацияси президенти этиб Умид Аҳмаджонов сайланган эди. Унга қадар эса ЖЧ-2018 финал босқичига чиқа олмаган Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян мураббийликдан бўшатилган эди.

Хабарда ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов ушбу ҳафтада ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашажаги айтилган.