Ўзбекистон ватандошлари Шавкат Мирзиёевдан Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғда дарахтларнинг кесилишига барҳам бериш илтимос қилинган петицияни имзоламоқдалар.
Change.org сайтида эълон қилинган петицияни 21 сентябрь ҳолатига кўра 850 нафарга яқин одам имзолади.
Петицияда Миллий боғни қайта қуриш тўғрисидаги қарор аҳоли билан маслаҳатлашилмай туриб қабул қилинганига ҳам норозилик билдирилган.
“Биз парк йўқ қилинмаслигига аниқ ишонч ҳосил қилишни истаймиз”, дейилади петицияда.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи 18 сентябрдан бошлаб ёпилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрь куни қарори билан унинг ўрнида дельфинарий, "Америка тепалиги", сёрфинг учун жой ва савдо-кўнгилочар маркази барпо этилади.
Миллий боғ 1 ноябргача инвесторга 49 йиллик ижарага топширилиши учун тўлиқ шай ҳолатга келтирилиши лозим. Янги дам олиш маскани 2021 йил 1 январигача ишга туширилиши лозим бўлади.