20 сентябрь куни Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубда ўтказилган анжуманда пойтахт марказидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида замонавий¸ юқори технологияли парк қуриш режасига нисбатан жамоатчилик эътирозларига жавоб берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрь кунги қарори билан Миллий боғ ҳудудида Disneyland русумидаги кўнгилочар парк ва дельфинарий қуриш лойиҳасини амалга ошириш «Stargate Systems» МЧЖга топширилган. Миллий боғ 18 сентябрдан реконструкция мақсадида ëпиб қўйилди.
Бу қарор ортидан ўзбекистонлик фаоллар Шавкат Мирзиёевдан Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғда дарахтларнинг кесилишига барҳам бериш сўралган онлайн петицияга имзо йиғишни бошлади.
Пресс-клубдаги анжуманда «Stargate Systems» ширкати вакиласи Камола Мирзалиева¸ эътирозларнинг ўринсиз эканини далиллашга уринган.
Бу эътирозларга муносабат билдирган Ўзбекистон Бош прокуратураси расмийси Акбар Мусаев¸ Кун.уз сайтининг ëзишича:
“Алишер Навоий номидаги Миллий боғ бу кимнингдир қўлига ўтиб кетадиган ягона боғ эмас, комплекс мажмуадир. У бир неча боғлардан иборат бўлиб, айнан аттракционлар ва кўл жойлашган ҳудуд хусусий компанияга қайта реконструкция қилиш учун топширилмоқда. Қарорга мувофиқ эса, боғ барчага очиқ бўлади, яъни кириш учун қандайдир талаблар бўлмайди. Аҳоли аввалгидек боғ ҳудудида эркин сайр қилиши, дам олиши, атрофни томоша қилиши мумкин бўлади”¸ деган.