Трамп муҳожирлик тўғрисидаги қарорини ўзгартириши кутилмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп асосан мусулмонлар яшайдиган олтита давлатдан келаётган муҳожирларни Қўшма Штатларга киритмаслик қарорини ўзгаритиши кутилмоқда. Бунинг ўрнига у АҚШнинг экстремистлар бўйича талабларини бажармаган давлатларни мўлжалга олувчи янги қарор имзолайди.

Эрон, Сурия, Судан, Ливан, Сомали ва Яман фуқароларига АҚШ визасини беришга қўйилган тўсиқ 24 сентябрь куни тугайди.

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Трампга муддати тугаб қолган чекловни алмаштириш бўйича маслаҳат берган. Аммо расмийларнинг билдиришича, президент ҳали бир қарорга келгани йўқ.

АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг амалдаги котиби Элейн Дюк “қатъий ва муайян давлатларни мўлжалга олувчи, жумладан, саёҳат қилиш бўйича чекловлар ва айрим давлатларни яхшироқ текшириш чораларини ўз ичига олган янги” стратегияни таклиф қилган. Бу ҳақда котибнинг маслаҳатчиси Майлз Тэйлор билдирди.

Тэйлор қайси давлатлар мўлжалга олиниши ёки улар орасида ҳозирда чеклов киритилган олти давлат бор ёки йўқлигини очиқлашдан бош тортди.

Президент Трамп аксар аҳолиси мусулмон бўлган олти давлат фуқароларини АҚШга вақтинча киритмаслик тўғрисидаги қарорни март ойида имзолаган эди. Қарорни бир неча ой давомида АҚШ судлари блоклади. Ниҳоят, июнь ойида АҚШ Олий суди айрим чекловлар билан уни маъқуллади.

Тэйлорга кўра, Трамп кўриб чиқаётган янги чекловларга биноан, қайси давлатлар фуқароларини АҚШга киритимаслик қарори улар Вашингтоннинг хавфсизлик талабларини бажариш-бажармаслигига асосланиб қабул қилинади.

Тэйлор июль ойида АҚШ ҳукумати барча хорижий давлатларни 50 кун ичида сайёҳларнинг кимлигини текшириш ҳамда улар миллий хавфсизликка таҳдид солмаслигини аниқлаш бўйича АҚШ талабларини амалга оширишга рози эканликларини билдиришларини сўраган.

Тэйлорнинг айтишича, аксар давлатлар кўрсатилган талабларга амал қилишга рози бўлган. Аммо бу талабларни бажаришдан бош тортган давлатлар фуқаролари АҚШга киритилмайди.

- Биз мамлакатимизга кимлар келаётганини билишимиз керак. Уларнинг шахсиятини текшира олишимиз ҳамда хорижий ҳамкорларимиз бу шахслар АҚШга таҳдид солиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга эмаслигини тасдиқлай олишимиз керак, - деди Тэйлор.

15 сентябрь куни Трамп Twitterда ҳозирги чекловлардан “йирикроқ, қатъийроқ ва аниқроқ чекловларни” жорий қилишни хоҳлаши ҳақида ёзди.

10 октябрь куни АҚШ Олий суди мамлакатдаги қуйи судлари қарор қилгандек, ҳозирги чекловлар мусулмон давлатларга қарши дискриминациями ёки йўқлигини кўриб чиқади.

АҚШнинг мазкур қарори танқидчилари у диний эркинликни кафолатловчи АҚШ конституциясига зид эканлигини айтиб келади.

Трамп ўз сайлов кампанияси давомида АҚШга мусулмонларни бутунлай киритмасликка чорлаган эди. Аммо унинг маъмурияти президент март ойида имзолаган қарор мусулмонларни мўлжалга олмаслигини таъкидлаб келади.