Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги ягона металлургия комбинати бўлган “Ўзметкомбинат” ҳиссадорлик жамиятидаги улушини SFI Management Group хориж ширкатига ишончли бошқарув учун ўтказиб берди. Бу ҳақда 25 сентябрь куни Podrobno.uz нашри хабар берди.
Хабарда айтилиишча, бундай қарор комбинат бошқарувини замон талабларига мувофиқ тубдан қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи ортидан қабул қилинган.
Бундан буён комбинат бошқаруви раисининг барча ўринбосарлари назорат кенгаши томонидан фақат SFI Management Group тавсияси билан ишдан олинади ҳамда лавозимга тайинланади. Бошқарув раиси эса ҳиссадорларнинг умумий йиғилишида сайланади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан президент билан маслаҳатлашилганидан сўнг лавозимга тасдиқланади.
Бундан бир ой олдин президент Мирзиёев SFI Management Group ширкатига “Пахтакор” футбол клуби низом капиталининг 80 фоизини сотиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Мазкур ширкат 5 йил давомида клубга тегишли иншоотларни қайта қуриш учун камида 200 миллиард сўм сармоя киритишга ваъда берган.
Podrobno.uz нашрининг билдиришича, норасмий манбалар мазкур ширкат келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновга яқин шахслар томонидан бошқарилади ва Ўзбекистонда консалтинг хизматлари кўрсатиш ва инвестициявий лойиҳаларни бошқариш билан шуғулланади.