Бухоро вилояти Ромитан туманида 26 сентябрь куни 90 одам овқатдан заҳарланиб касалхонага мурожаат қилгани тўғрисида Sputnik нашри Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайтида бу воқеа юзасидан маълумот йўқ.
Sputnik нашрининг ёзишича, мурожаат қилганларнинг барчаси "ўткир диарея, овқатдан заҳарланиш" ташхиси билан касалхонага ётқизилган.
“Беморлар билан ўтказилган суҳбат давомида уларнинг барчаси ўз касалликларини 25 сентябр куни оқшомда туман марказидаги "Диёр" тўйхонасида фуқаро Икром Хамраев томонидан ўтказилган никоҳ тўйи дастурхонига тортилган тухум баракни истеъмол қилиш билан боғлашган”, деб хабар берди Sputnik нашри .
Хабарда айтилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул мутахассислари, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори А.Худаяров, республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Б.Алматов, Эпидемиология — микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори А.Абдушукуров Бухоро вилояти Ромитан туманига юборилган.