Бухоро вилоятининг Ромитан туманида овқатдан оммавий заҳарланганлар сони 27 сентябрь эрталабки соат 10гача бўлган ҳолатга кўра, 166 кишига етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Вазирлик матбуот хизмати 26 сентябрь куни Ромитанда дастлаб 90 одам овқатдан заҳарланиб касалхонага мурожаат қилгани тўғрисида маълум қилган эди.
Уларнинг барчаси 25 сентябрь куни туман марказидаги “Диёр” тўйхонасида тухум барак истеъмол қилганларини айтганлар. Уларга “Ўткир диарея, овқатдан заҳарланиш” ташхиси қўйилган.
Газета уз нашрининг 27 сентябрда билдиришича, овқатдан заҳарланиб мурожаат қилганларнинг 72 нафарига аҳволи яхшилангани туфайли уйига жавоб берилган.
“Айни пайтда Ромитон туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимида 92 нафар ва 2 нафар бемор эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда”, деб билдирди Газета уз.