Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью Йоркка қилган сафари доирасида ўтказилган Ўзбекистон-Америка бизнес форуми пайтида АҚШ ширкатлари билан қатор шартномалар имзоланди.
Ўзбекистондаги нашрларнинг 27 сентябрда хабар беришича, бу борада Халқаро пресс клуб йиғилишида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси Сухроб Холмуродов ва ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев маълумот берди.
Сухроб Холмуродовга кўра, бундан 13 йил аввал Тошкент билан ҳамкорликни тўхтатган АҚШнинг Эксимбанки алоқаларни қайта тиклаш таклифини қабул қилган. Эксимбанк Ўзбекистонга Boeing самолётларини сотиб олишда молиявий ёрдам кўрсатишга тайер эканини билдирган.
Элёр Ғаниев эса Boeing ширкати билан яна икки дона Boeing 787 Dreamliner самолётини сотиб олиш бўйича музокаралар бўлганини айтди.
Ғаниевнинг билдиришича, Ўзбекистон кейинги 7 йил давомида АҚШнинг Nukem ширкатига 300 миллион долларлик уран концентратини етказиб бериш бўйича шартномани ҳам имзолади.
Халқаро пресс клуб йиғилишида Холмуродов трансмиллий Visa ширкати Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканини ҳам маълум қилди. Миллий банк раисига кўра, Visa ширкати вакилларидан иборат ишчи гуруҳи 9 октябрда музокаралар ўтказиш учун Тошкентга келади.
Президент Мирзиёеев 18-20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун АҚШга сафар қилган эди.