Президент Мирзиёевнинг 2016 йил 27 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2017 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,7 фоиз (2016 йилда 1,5 фоиз бўлган) миқдорида белгиланди.
Бу ҳақда хабар қилган ЎзА агентлигига кўра, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,8 фоиздан 2,1 фоизгача, майдони 500 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 2,5 дан 2,9 фоизга оширилди.
Бундан ташқари, 2017 йил 1 январдан бошлаб бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари – 2,1 фоиз (2016 йилда 1,8 фоиз) миқдорида белгиланди.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан келиб чиқиб, лекин 3 млн. сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади.
Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш органлари томонидан белгиланган инвентаризатсия қиймати бўлмаганда, солиқни ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20328,0 минг сўм миқдорида, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда эса 8833,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинди.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматидан келиб чиқиб икки баравар миқдорида ундирилади.
Жисмоний шахсларга ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқлари жисмоний шахслар томонидан солиқ даври учун ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўланади.
Эслатиб ўтиш жоизки, Солиқ кодексининг 120-моддасига асосан, белгиланган муддатдан кечиктириб тўланган солиқ суммасига ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.