Тошкент милицияси "кўча авторитети" Аббосхон Ходжаев қамоққа олинганини тасдиқлади

Toшкентда ҳибсга олинганлар.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев пойтахтнинг “криминал авторитети” мақомига даъвогарлик қилаётган Аббосхон Ходжаев қўлга олинганини расман тасдиқлади.

Ўзбекистон нашрларининг хабар беришларича, бу ҳақда Тошхўжаев 28 сентябрда ўтган бирифингда маълумот берган.

“Унинг жиноий гуруҳ ташкил этиб, авторитет мақомини қўлга киритиш учун ҳаракат қилгани тўғрисидаги ахборот тасдиғини топмоқда. Тезкор кучлар томонидан мазкур уриниш бартараф этилди. У ҳибсга олинди, шериклари аниқланмоқда”, деб иқтибос келтирди Донниёр Тошхўжаевнинг сўзларидан Газета уз нашри.

Хабарларда айтилишича, Аббосхон Ходжаевга гиёҳванд моддаларни сақлаш бўйича айблов эълон қилинган.

Озодлик радиоси 18 сентябрь куни ўз мустақил манбаларига таянган ҳолда. Тошкент милицияси 14 сентябрда махсус амалиёт ўтказиб, халқ орасида “кўча авторитетлари” номи билан танилган бир неча шахс ва уларнинг 20га яқин сафдоши ушлангани тўғрисида хабар берган эди.

Озодлик манбалари қўлга олинганлар орасида Аббосхон Ходжаевдан ташқари “вор в законе” рутбасига эга бўлган Бахти Ташкентский ва Бахти Янгиабадский номи билан танилган криминал авторитет Бахтиёр Қудратуллаев ҳам милиция бўлинмасида тўрт соат давомида сўроқ қилингани ва сўнгра қўйиб юборилганини билдирган эдилар.