Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва фаолларнинг билдиришича, кейинги ҳафталарда Озарбайжон полицияси ўнлаб ЛГБТ шахсни қамаган.
Озарбайжондаги “Нафас” ЛГБТ бирлашмаси директори Жавид Набиев полиция қўлга олинганларни 30 кунгача қамаганини, уларни гей ва трансгендер танишлари исмини айтишга мажбурлаётганини билдирди.
Набиевга кўра, айрим ўнг қанот сиёсатчилар гей ва транссексуалларни “аҳлоқсизлик ва хавфли касалликлар ўчоғи” деб ҳисоблайди ва уларга қарши чора кўрилишини хоҳлайди.
Маҳаллий фаоллар полиция Бокуда кейинги икки ҳафта ичида ўтказган рейдларда камида 50 нафар гей ва транссексуал шахс қўлга олинганини айтишмоқда.
Маркази Швецияда бўлган Civil Rights Defenders ташкилоти қўлга олинганлар сони юздан ошган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Ташкилотга кўра, қўлга олинганларнинг аксари ЛГБТ танишлари исмини ошкор қилишганидан кейингина қўйиб юборилмоқда.
Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги полиция жинсий озчиликларни нишонга олаётганини рад этиб, рейдлар фоҳишаликка қарши ўтказилганини таъкидлади.
Вазирлик эълон қилган билдирувда:
- Мамлакатимизда жинсий озчиликлар ҳеч қачон тазйиқ остига олинмаган. Аммо бу уларга ноқонуний ишларга қўл уришга изн берилган, дегани эмас, - дейилади.