БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳид етакчилигидаги делегация 10 кунга Ўзбекистонга боради.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 2 октябрдан 12 октябргача давом этадиган сафарида делегация Ўзбекистондаги дин ва эътиқод эркинлиги бўйича аҳвол билан танишади, сўнгра мамлакат ҳукуматига ўз тавсияларини беради.
Хабарда айтилишича, сафари давомида Аҳмад Шоҳид Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Омбудсман, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Адлия, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Конституциявий ва Олий суд, Бош прокуратура, Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Халқ қабулхоналари вакиллари билан учрашувлар ўтказади.
Бундан ташқари, БМТ маърузачисининг фуқаролик жамияти вакиллари, чет эл дипломатик корпуси вакиллари билан ҳам учрашиши, хусусан, Тошкент ислом университети талабалари иштирокида матбуот анжумани ўтказиш режалаштирилгани хабар қилинди.
Бу БМТ маърузачиси Аҳмад Шоҳиднинг Марказий Осиё мамлакатларига илк ташрифи бўлади.