Қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси 1 октябрь куни Ўзбекистон ҳукуматини журналист Бобомурод Абдуллаевни ҳибсдан озод этишга чақирди.
“Биз Ўзбекистон ҳукуматини зудликда журналист Бобомурод Абдуллаевни озод этишга, унинг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз фикрини ирод қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга, очиқ судловни таъминлашга ва унинг олдига адвокати ҳамда яқинларининг киришига рухсат беришга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Абдуллаевнинг рафиқаси Катя Балхибоева 27 сентябрь куни Озодлик радиосига турмуш ўртоғи бедарак кетгани тўғрисида хабар берган эди. 29 сентябрда эса журналистнинг уйини ҳуқуқ-тартибот тузилмалари тинтув қилган.
Бобомурод Абдуллаев нимада айблагаётгани маълум эмас. Дастлаб у Юнусобод туманида юз берган ўғирлик жиноятида гумон қилинувчи сифатида кўрилаётгани айтилганди.
30 сентябрь куни эса адвокат Муножот Парпиева Бобомурод Абдуллаев МХХ қамоқхонасида сақланаётгани ва унинг олдига адвокати киритилмаётганини айтган.
44 ёшли Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган.
У 2000 йил бошида "Озод овоз" мустақил веб сайтига асос солган. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлаган.