Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 5 октябрда икки кунлик давлат ташрфи билан Тошкентга келади.
Ташриф арафасида Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Kun.uz нашрининг хабар беришича, мазкур қонун 4 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи йиғилишида тасдиқланган.
Икки давлат ўртасидаги чегараларнинг 85 фоизи аниқланиб бўлингани тўғрисидаги шартнома Мирзиёевнинг 5-6 сентябрь кунлари Бишкекка қилган давлат ташрифи доирасида имзоланган эди.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев мазкур шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни 2 октябрда имзолаган.
Тошкент ва Бишкек чегара масаласида муросага эришиш учун ўзаро ер айрибошлашгани тўғрисида 4 сентябрь куни Акипресс агентлиги Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги махсус вакили ўринбосари Мамасоли Акмаматовга таянган ҳолда маълум қилган эди.
Расмийнинг билдиришича, Ўзбекистон Қирғизистонга Жалолобод вилояти билан чегарадош ҳудудлардан 476 гектар ерни берди. Қирғизистон эса Ўзбекистонга 241 гектар ер берган.