Тошкент юридик коллежида бир ўқувчининг тенгдошлари томонидан пичоқлаб ўлдирилиши ортидан муассаса директори ишдан бўшатилди.
Ўзбекистон Адлия вазири сайтида 7 октябр куни берилган хабарда айтилишича, коллежда вазрликнинг шу йил 12 сентябрдаги буйруғига асосан хизмат текшируви ўтказилган. Текширув натижасида директор Наталя Темирова ўз фаолият давомида "қариндош-уруғчилик, таъмагирлик ва қонунбузилишлар"га йўл қўйгани аниқланган. "Раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги оқибатида 2017 йил 6 октябрь куни ўқувчилар томонидан коллеж ҳудудида оғир жиноят содир этилган".
UzNews.uz сайтининг ёзишича, 6 октябрь куни эрталаб биринчи Юридик коллеж ошхонасида муштлашув бўлган ва унда пичоқланган 17 яшар ўқувчи Асадбек Парибоев оғир тан жароҳатидан вафот этган, яна бир шифохонага ётқизилган.
Нашр бу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 104-моддаси, 3-қисми, "Д"бандига асосан (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди.
Бу ҳодисадан сўнг 7 октябрь куни президент девони, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари масуъллари иштирокида йиғилиш ўтказилган ва унда коллеж директори Наталья Темировани “2-даражали адлия маслаҳатчиси” мартабасидан маҳрум қилиш, лавозимидан бўшатишга қарор қилинган.
Бунга қадар Тошкентдаги Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасур Иброҳимов бошқар ўқувчилар томонидан калтакланиши оқибатида ўлган ва бу ижтимоий тармоқларда катта норозиликларни келтириб чиқарган эди.