Пичоқлашув содир бўлган юридик коллежда директор ишдан олинди

Тошкент юридик коллежи директори Наталья Темирова ўқув юртида содир бўлган пичоқлашув ортидан вазифасидан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Ахборот хизмати хабар тарқатди.

Вазирлик хабарномасида “коллеж меҳнат жамоаси ўртасида гуруҳбозлик ва носоғлом муҳит шаклланганлиги, маънавий-тарбиявий ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ва раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги оқибатида 2017 йил 6 октябрь куни ўқувчилар томонидан коллеж ҳудудида оғир жиноят содир этилган”, дейилади.

Ўтган жума юридик коллеж ҳудудида бир талаба 2 курсдошини пичоқлагани, талабалардан бири воқеа жойида жон бергани, бошқаси касалхонага ётқизилгани ҳақида Озодлик хабар қилганди.

“Хизмат текшируви давомида аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун текширув материаллари тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди ҳамда бугунги кунда улар томонидан коллежда тегишли ўрганишлар олиб борилмоқда”, дейилади Адлия вазирлиги хабарномасида.