Ерига экин экмаганлар ер солиғини уч баробар кўп тўлайди

Томорқасига экин экмаган ер эгаларидан бундан буён ер солиғи уч баробар кўп олинади. Бу тартиб Ўзбекистон президентининг шу йил 10 октябрида имзоланмиш “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида акс этган.

Қарорда “якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилади”, дея уқтирилади.

Шунингдек, қарорда деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ер эгаларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши ҳам қайд этилган.