Тошкент юридик коллежи собиқ директори Наталья Темирова ҳамда коллежда ишлаган бошқа мансабдор шахслар устидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси Б.А.Деҳқоновга таяниб, кун.уз нашри хабар қилди.
Наталья Темирова ҳамда бошқа мансабдор шахслар Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган, айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
ЖК 167-модданинг 2-қисми «г» бандига кўра, айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса — айбланувчи энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорида жарима ёки 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
6 октябрь куни мазкур коллеж ҳудудида 3-курс талабалари ўртасида жанжал чиққани, Саидкамрон Саидвоҳидов ўзининг икки коллеждоши — Асадбек Парпибоев ва Раҳматилла Ёрқориевга пичоқ билан тан жароҳати етказгани тўғрисида Озодлик хабар қилган.
Жабрланувчиларнинг бири — Асадбек Парпибоев шифохонага олиб борилганида кўп қон йўқотишдан вафот этганди.
7 октябрь куни коллеж директори Наталья Темирова ўз лавозимидан озод этилган.