Сурияда АҚШ бошчилигидаги коалиция дастаклаган курд-араб жанговар отрядлари 17 октябрь куни Раққада ИД жангарилари устидан ғалаба қозонганларини эълон қилдилар. Reuters агентлигининг хабар қилишича, улар тўрт ой давом этган жанглардан сўнг жиҳодчиларнинг сўнгги плацдарми узра ўз байроқларини тикканлар.
Раққани озод қилган Сурия демократик кучлари қўмондони Ройда Фелага кўра, жангдан сўнг курд ва араб жангчилари шаҳар стадионини минадан тозалаш ишларини давом эттирганлар.Раққа олиниши бўйича расмий баёнот шаҳар миналардан ва ИДнинг пана-пастқамда яширинган тарафдорларидан тўла тозаланганидан кейин берилиши кутилмоқда.
“Ислом давлати” террор гуруҳи томонидан2014 йил январида ишғол қилган Раққа тез орада “халифалик” пойтахти деб эълон қилинганди. Бу шаҳарнинг олиниши ИДнинг тўла мағлубияти рамзи ўлароқ талқин этилиши мумкин. Бу йил “Ислом давлати” Сурия ва Ироқда эгаллаб олган ҳудудларининг катта қисмини йўқотди. Сурияда ИД жангарилари Фирот водийси ва унга туташ саҳро томон сиқиб чиқарилган.