Қирғизистон Бош вазири чегарадаги бўҳрон ортидан Қозоғистонга борди

Исаков Сочи саммити коридорида ҳам Назарбоевга чегарадаги вазиятдан шикоят қилган эди.

Қирғизистон Бош вазири Сапар Исаков 18 октябрь куни икки давлат ўртасидаги чегара бўҳронини муҳокама қилиш учун Остонага борди.

10 октябрдан бошлаб Қозоғистон божхона текширувини кескин кучайтиргани ортидан ўзаро чегара пунктларида юк машиналари ва одамларнинг узундан-узун навбати юзага келди.

Қирғизистон Бош вазири маъмуриятининг билдиришича¸ Исаковнинг Остонага бориши ҳақида икки давлат ҳукумат раҳбарлари 17 октябрь куни телефон суҳбати давомида келишиб олган.

Чегарадаги бўҳрон¸ Қирғизистоннинг президентликдан кетаëтган раҳбари Алмазбек Атамбаев Қозоғистонни президентликка номзод Бабановни очиқдан-очиқ қўллаш орқали ўз мамлакати ички ишларига аралашаëтганликда¸ президент Нурсултон Назарбоевни эса¸ ҳокимиятда ҳаддан ортиқ узоқ ўтирганликда айблагани ортидан юзага чиқди. Аммо Қозоғистон томони бу икки воқеанинг бир-бирига алоқаси йўқлигини айтмоқда.

18 октябрь куни Атамбаев ўзининг эҳтиросга берилиб¸ президент Назарбоевни ортиқча танқид қилиб қўйганини эътироф этди ва янги баëнотида Назарбоев атрофидаги олигархларни танқид қилди.