Киевда қўлга олинган ўзбек журналисти ҳибсдан озод қилинди

Нарзулло Охунжонов.

Киевда қўлга олинган ўзбекистонлик журналист Нарзулло Охунжонов 18 октябрь куни ҳибсдан озод қилинган. Бу ҳақда Украинанинг “Оммавий ахборот институти” жамоатчилик ташкилоти журналистнинг адвокати Алексей Федоров сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

“У аллақачон уйда. Уни бугун тушдан кейин озод қилишди, соат 13 ларда биз уни олиб кетдик”, деган адвокат Федоров мижозининг соғлиғи ёмонлашганини қўшимча қилган.

Назрулло Охунжонов 20 сентябрь куни сиёсий бошпана олиш мақсадида Туркиядан Киевга учиб келган пайтда қўлга олинган. Украина ҳукуматининг билдиришича, Охунжоновнинг ҳибсга олинишига унинг исми-шарифи Интерпол томонидан қидирувга берилган шахслар рўйхатида қайд этилгани сабаб бўлган.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси 27 сентябрь куни баёнот билан чиқиб, Киев расмийларидан Охунжоновни озод қилиш, унинг Украинада қолишига имкон яратиш ва Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликни илтимос қилган.

Адвокат Федоров мижози Охунжонов прокуратура қарори билан озод қилинганини билдирган, аммо қўлига ҳали бирор ҳужжат тегмагани учун бу борада қўшимча маълумот бера олмаган.