АҚШ президенти Дональд Трамп президент Жон Кеннедининг ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларнинг бир қисмини ошкор қилишни тўхтатиб туришга қарор қилди. АҚШ Давлат архиви 3 мингга яқин ҳужжатни пайшанба куни эълон қилди.
Оқ Уй тарқатган маълумотга кўра, Трамп Федерал тергов бюроси ва Марказий разведка хизматининг бу масаладаги ташвишини инобатга олишга мажбур бўлган. Махсус хизматларга 6 ой ичида Кеннедининг ўлдирилишига оид ҳужжатларни яна бир бор кўриб чиқиш топширилди.
Тарихчилар¸ очиладиган махфий ҳужжатлардан Кеннеди ўлимининг янги тафсилотларини кутишга асос йўқлиги¸ уларнинг асосан Марказий разведка бошқармаси ва Федерал тергов бюросининг қотилликда айбланган Ли Ҳарви Освальднинг хориж разведкаси билан алоқаларини фош этиш уринишларига оид бўлишини айтмоқда.
1992 йили АҚШ Конгресси Кеннеди ўлими терговига оид ҳужжатларнинг 25 йилдан кейин жамоатчиликка тақдим қилиниши ҳақида қарор қабул қилган.
АҚШ президенти бундай ҳаракат разведка ëки ҳарбий фаолиятга¸ ëхуд халқаро муносабатларга зиëн етказиши мумкин¸ деб топса¸ уни тўхтатиши мумкин.
Аммо ўтган ҳафта президент Трамп¸ архив материалларининг кенг жамоатчиликка очилишига тўсқинлик қилмаслигини билдирган эди.
АҚШ президенти Жон Кеннеди 1963 йилнинг 22 ноябрида суиқасд қурбони бўлган.