Туркманистон президентинининг ўғли Сердар Бердимуҳаммедов “Ватан олдидаги хизматлари учун” бобоси Маликгули Бердумуҳаммедов номидаги медал билан тақдирланди.
Бироқ давлатга қарашли ТДХ ахборот агентлиги эълон қилган рўйхатда мазкур медал билан тақдирланганлар орасида Сердар Бердимуҳаммедов номи кўрсатилмаган. ”Туркманистон хроникаси” порталининг билдиришича, мукофот 27 октябрь- мамлакат Мустақиллик кунида топширилган.
Сердар Бердимуҳаммедов парламент депутати, майор унвонига эга. Норасмий манбаларнинг билдиришича, у отасининг президентлик лавозимидаги вориси сифатида кўрилади. “Фарғона” агентлигининг билдиришича, Сердар Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ягона ўғлидир.
Маликгули Бердумуҳаммедов номидаги медал шу йилнинг августида жорий этилган. Президентнинг отаси ўз вақтида ўқитувчи, кейинроқ эса аҳлоқ тузатиш маҳкамасининг бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.