Ўзбекистон АҚШга ватандошлари кириши тақиқланган давлатлар рўйхатидан жой олиши мумкин. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс 1 ноябрь куни Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Журналистларнинг “Ўзбекистонни тақиқланган давлатлар рўйхатига киритиш масаласи ўрганиладими” қабилидаги саволларига Сара Сандерс "Биз ҳозирча бунга чақирмаймиз, лекин эҳтимолдан соқит ҳам қилмаймиз”, деб жавоб берди.
Аввалроқ президент Дональд Трамп Конгрессни грин карта дастурини бекор қилишга чақирган ва "Мен бугун лоторея дастурини бекор қилиш жараёнини бошлайман. Мен Конгрессдан бу дастурни бекор қилиш масаласида зудликда иш бошлашни илтимос қиламан", -деб билдирган эди.
Мазкур саволлар 2010 йилдан бери грин карта асосида АҚШда яшаётган Ўзбекистон ватандоши Сайфулла Соипов 31 октябрда Нью-Йоркда 8 одам ўлган ва 12 одам жароҳатланган террор ҳужумини амалга оширгани ортидан кўтарилди.