Президент Мирзиёев мамлакат ҳунармандларига енгилликлар ваъда қилди

Зарқайнар миллий санъат марказида маҳаллий ҳунармандлар ярмаркаси, 29 март, 2014 йил

Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни ҳунармандчиликни ривожлантиришга бағишланган ҳукумат йиғинини ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, "йиғилишда халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатини ривожлантириш, улар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш масалалари" муҳокама қилинган.

Президент топшириғи билан "қўли гул усталар"га ўз молини ўзи сотиши, истаса, уйида дўкон очиши, ўз банк ҳисобидаги хорижий валютани эркин тасарруф этиши ҳамда нақд ҳолда олишига рухсат бериладиган бўлди.

Шунингдек, тегишли ташкилотоарга ҳар бир вилоятда махсус кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилиб, уларда ҳунармандларнинг бепул иштирок этиши, хорижда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль ва ярмаркаларда қатнашишига кўмаклашиш топшириғи юкланди.

Хабарда келтирилган расмий рақамларга кўра, Ўзбекистонда ҳозир ҳунармандликнинг 34 тури рўйхатга олинган ва ҳунармандлар Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда унинг вилоятлардаги бўлимларига бириктирилган.