Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга Ўзбекистонга “Ҳарбий –техник ҳамкорликни ривожлантириш шартномаси” доирасида етказиб берилган ҳарбий маҳсулотлардан мақсадга мувофиқ равишда фойдаланишни назорат қилиш юзасидан шартнома имзолаш бўйича Тошкент билан музокаралар ўтказиш тўғрисида кўрсатма берди.
Президентнинг бу борадаги фармойши матни Россия ҳукуматига тегишли бўлган Ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида 3 ноябрь куни эълон қилинди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида “Ҳарбий –техник ҳамкорликни ривожлантириш шартномаси” 2016 йилнинг 29 ноябрида имзоланган эди.
Расмий маълумотларда айтилишича, ҳарбий маҳсулотлардан мақсадга мувофиқ равишда фойдаланишни назорат қилиш шартномаси халқаро тажрибада кенг қўлланилади.
Бундай шартномадан мақсад бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга еткизиб берилган ҳарбий маҳсулотлар учинчи томон ихтиёрига ўтиб кетмаслигини назорат қилишдир.