Тошкент вилоятининг Бекобод туманида “Андижон вилоятининг турли туманларидан олиб келинган мактаб ва коллеж ўқитувчилари пахта терим мавсумига жалб этилгани аниқланди”. Бу ҳақда Kun.uz нашри 6 ноябрь куни хабар берди.
Нашрнинг билдиришича, Андижон мактаблари ва коллежлари ўқитувчилари Бекобод туманидаги Зафар қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Далварзин 1, 2, 3, 4, 5 бўлимларида пахта термоқда.
“Водийдан келган ўқитувчилар қишлоқ уйларига тақсимот асосида жойлаштирилган. Избоскан ва Булоқбоши туманларида жойлашган мактаблар ўқитувчиларига бош бўлиб, тегишли туман ҳокимларининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳам Тошкент вилоятига келган”, деб хабар берди Kun.uz.
Нашр, шунингдек, Бўка туманида Олмалиқ шаҳридан келган шифокорлар пахта тераётганини ҳам аниқлаган. Бироқ Олмалиқ Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларидан бири “Биз кунлик теримга шифокорларни жалб этмаяпмиз, барчаси ўз хоҳиши бўйича ҳашарга келган”, деб айтган.
Аввалроқ Озодлик радиоси Андижон вилоятида қуйи синф ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Озодлик радиоси Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг буйруғи билан Тошкент, Сирдарё вилоятларига поездда жўнатилган минглаб ҳашарчилар, пахтани териб бўлгач, ўз ёнларидан харажат қилиб уйга қайтишга мажбур бўлаётгани тўғрисида ҳам ёзган.