7 ноябрда интернет фойдаланувчилар Ўзбекистондаги веб сайтларга маҳаллий вақт билан деярли бир соат давомида кира олмадилар.
"Ўзбектелеком" акционерлик компанияси ходимининг Озодликка маълум қилишича, бундай ҳолатнинг юзага келишига “қўшни давлат ҳудудида авария-тиклаш ишлари”нинг олиб борилаётгани сабабдир.
"Ўзбектелеком"нинг жамоатчилик билан ишлаш ходими Ўзбекистонга қўшни айнан қайси давлатда “авария” ҳолати юзага келганини очиқламади.
Унинг илова қилишича, 8 ноябрда ҳам Uz доменидаги сайтлар хизматида узилишлар юзага келиши мумкин.
“Ўзбектелеком” АЖ Ўзбекистондаги энг йирик телекоммуникация оператори бўлиб, ўз тармоғи билан бутун мамлакатни қамраб олади.