Туркманистонда валюта чекловлари янада кескинлашди

Туркманистон ҳукумати хорижга чиқувчиларнинг чет эл банкоматларидан олиши мумкин валютаси миқдорини янада камайтирди.

Давлатга қарашли Ташқи иқтисодий фаолият банки 6 ноябрь куни хорижга чиқувчиларнинг банкоматлардан бир кунда 50 доллардан ортиқ пул чиқара олмаслигини билдирди. Бу эса¸ хорижда нақдлаштириш мумкин бўлган валюта миқдорининг жорий йил ичида учинчи марта қисқаришидир.

Март ойида ҳукумат бу миқдорни 1000 АҚШ долларидан 250 долларга¸ октябрь ойида эса¸ 250 доллардан 100 долларга туширган эди.

Шунингдек¸ янги қарорга мувофиқ¸ туркманистонликларнинг хорижга 200 доллардан ортиқ пул жўнатиши ҳам тақиқланди.

Асосий даромади газ экспортидан келадиган Туркманистонда жаҳон бозорида газ нархининг кейинги йилларда тушиб кетиши ва қатор халқаро келишувларнинг муваффақиятсизликка учраши оқибатида жиддий валюта тақчиллиги юзага келгани айтилмоқда.

Бунинг ортидан¸ мамлакатда айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилмоқда; ҳукумат сув¸ газ ва электрга ажратилган давлат субсидияларини бекор қилди.