Осиё-Тинч океани мамлакатлари иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида иштирок этаётган АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг савдога оид қоидаларини мунтазам суиистеъмол қилиш ҳолатларига бошқа тоқат қилмаслигини айтди.
10 ноябрь куни Вьетнамнинг Дананг шаҳрида APEC аъзолари олдида чиқиш қилган президент:
- Қўшма Штатлардан фойдаланишларига бошқа йўл қўймаймиз. Бу хонада ўтирган ҳар бирингиз ўз мамлакатингизни биринчи планга қўйганингиз каби, мен ҳам ҳар доим АҚШни биринчи ўринга қўяман, - деди.
АҚШ Хитой ва Япония билан йирик савдо дисбалансига эга.
Трамп бундан аввал Хитойни АҚШ фуқароларини иш ўринларидан айиришда айблаб келар эди. Аммо президент Осиё бўйлаб қилаётган сафарида риторикасини ўзгартирди.
Президент Трамп 5 ноябрда Осиё бўйлаб 12 кунлик сафарини бошлаган. Ҳозиргача у Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Вьетнамга ташриф буюрди. Бунинг ортидан Трампнинг Филиппинга бориши белгиланган.