Афғонистонда Толибон қамоқхонасидан 30 одам озод қилинди

Афғонистон ҳарбийлари.

Афғонистон махсус хизматлари Толибоннинг Хилманд вилоятидаги қамоқхонасига махсус ҳарбий амалиёт уюштириб, 30 одамни озод қилди.

Расмийларга кўра, 19 ноябрь куни кечқурун Толибон қамоғидан қутқарилганлар орасида 4 нафар бола ва икки полиция\чи ҳам бор. Қамоқдан Озод қилинганларнинг 20 нафари ҳукуматга, афғон полициясига ёки уларнинг оила аъзоларига кўмак кўрсатгани учун Толибон томонидан қўлга олинганлардир.

Ҳилманд вилоят ҳокимининг расмий вакили Муҳаммад Умар Звак айни пайтда Толибон ҳибс қилган бошқа шахсларни аниқлаш жараёни давом этаётганини билдирди.

Толибон вакили Қори Юсуф Аҳмадий қамоқдан қутқарилганларнинг барчаси қотилликда, ўғриликда, одам ўғирлашда ва бошқа жиноятларда айбланиб ҳибс қилинган одамлар эканини айтди.