Ижодий ўғирликда гумонланаётган Фарғона сайёҳлик рамзи муаллифи судга тортилади

Фарғона сайёҳлик рамзи ва "Мафтункор Россия" рамзи.

Фарғона вилояти ҳокимияти вилоятнинг сайёҳлик рамзи муаллифини плагиатда айблаб судга беради. Бу ҳақда “Газета uz” нашри 23 ноябрь куни хабар берди.

Хабарда таъкидланишча, вилоят ҳокимияти туристик логотипни бекор қилиш тўғрисида ҳам қарор чиқарган.

Аввалроқ Озодлик радиоси Россиянинг Brandson бренд агентлиги Ўзбекистон томонини Фарғона учун сайёҳлик рамзини яратишда кўчирмачилик қилганликда айблаганини хабар қилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу борада текшириш олиб борган ва Фарғона сайёҳлик рамзи кўчирмакашлик маҳсули эканини тасдиқланган.

Мазкур логотипда Brandson Branding Agency иштирокида ишлаб чиқилган “Мафтункор Россия” рамзининг умумий дизайни ва концепцияси такрорлангани аниқланган.

“Давлат туризм қўмитаси Фарғона вилоятининг туристик логотипи учун янги танлов эълон қилди”, дейилади хабарда.