Маҳаллий Интернет нашрларининг хабар беришича¸ Ўзбекистон Иқтисодиёт вазири Галина Каримовна Саидова истеъфога чиқиши муносабати билан ҳозиргача Молия вазирлигини бошқарган 61 яшар Ботир Хўжаев Иқтисодиëт вазири этиб тайинланган.
61 яшар асли самарқандлик Галина Саидова 2011 йил августидан буён Иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаëтган эди. 2010-2011 йилларда Саидова Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири бўлиб ишлаган.
Ҳозирча мамлакат иқтисодий секторидаги белгиловчи шахслардан саналган Саидовани истеъфога чиқишга мажбур қилган омиллар ҳақида маълумот йўқ.
Бош вазир ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси раҳбари Жамшид Қўчқоров Ботир Хўжаев ўрнига Молия вазири этиб тайинланган.
Ботир Хўжаев 2006-2009 йилларда Иқтисодиёт вазири, 2009-2011 йилларда бош вазири ўринбосари ва Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
Шавкат Мирзиëев президентликка келгач¸ ўтган йил декабрида у Ислом Каримов даврида молия секторини бошқариб келган Рустам Азимов ўрнига Молия вазири этиб тайинланган эди.
Айни куни 2012 йил 13 январдан буён Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар¸ инвестиция ва савдо вазири лавозимида ишлаб келган 57 яшар Элёр Ғаниев ҳам вазифасидан бўшатилди.
Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев¸ иқтисодий сектордаги кадр ўзгаришларига муносабат билдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди