Афғонистон президенти Ашраф Ғани 4 декабрда расмий ташриф билан Тошкентга келади. Бу ҳақда 29 ноябрь куни Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Мазкур ташрифга тайёргарликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш учун 29 ноябрь куни Афғонистон делегацияси “Кобул-Тошкент –Кобул” авиақатновининг биринчи рейси билан Тошкентга келди.
Афғонистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий ва МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар Ашраф Ғани ташрифи билан боғлиқ масалаларни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан муҳокама қилди.
“Кобул-Тошкент –Кобул” қатнови тахминан 8-9 декбрдан бошлаб ҳафтасига икки марта- чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Жорий йилнинг январида Ўзбекистон ва Афғонистон расмийлари Кобулда икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш тўғрисидаги “йўл харитаси”ни имзолаган эдилар.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 2016 йилнинг январь-октябрь ойлари оралиғида Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо алоқалари 429 миллион доллар бўлган.