Москвада муҳожиротда бўлган ўзбекистонлик 32 ёшли Дилфуза исмли аёл яхши кўрган йигити Сирожиддин бошқа қизга уйланганини билганидан сўнг ўзига ўт қўйди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” газетасига таянган ҳолда Podrobno.uz нашри 29 ноябрда хабар берди.
Маълум бўлишича, аёл танасининг 80 фоизи куйган. Касалхонага ётқизилган аёлнинг аҳволи ўта оғирлиги айтилмоқда.
Хабарда билдирилишича, Дилфуза Сирожиддин билан Ўзбекистонда танишган ва олти йил олдин улар ишлаш учун Москвага келишган. Кейинроқ Дилфуза Сирожиддин билан жанжаллашиб қолган ва 7 ёшли ўғлини олиб ватанига қайтган, бироқ орадан икки ой ўтгач яна ортга қайтган.
Москвага қайтгач Дильфуза Сирожиддин бошқа аёлга уйланганини билган ҳамда рашк туфайли ўзига ўт қўйиб юборган.