Хорижга пул жўнатмаларини сўмда амалга оширишга имконият берилгани айтилмоқда

Иллюстратив сурат.

Хориж валютасига эга бўлмаган ўзбекистонликлар бундан буён Ўзбекистондан бошқа давлатларга пул жўнатмаларини миллий валюта -сўмда амалга оширишлари мумкин.

"Агробанк" ва "Ҳамкорбанк” пул жўнатмаларини сўмда жўнатиш хизматини жорий этгани тўғрисида маҳаллий нашрлар маълум қилди.

Аввалроқ Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов 1 декбардан бошлаб ўзбекистонликларга бундай имконият яратиб берилиши тўғрисида билдирган эди.

Хабарда айтилишича, бундан буён чет элга пул жўнатмоқчи бўлган ўзбекистонликлар банкка пул жўнатмаларини сўмда олиб келишлари мумкин. Банк сўмни автоматик тарзда хориж валютасига конвертация қилиб, белгиланган манзилга жўнатади. Мижозлар банк орқали нақд пул ўрнига, пластик карточкаларидаги пулни жўнатиш имкониятига ҳам эга.

Бу ҳолатда Western Union, Contact, Unistream, MoneyGram ва "Золотая Корона" каби халқаро тўлов карталаридан фойдаланилади.

Шу кунгача Ўзбекистон банклари хорижга пул жўнатмаларини жўнатишда миллий валютани қабул қилмасди. Чет элга Ўзбекистондан пул жўнатмалари фақат нақд доллар кўринишида амалга оширилар эди.