Қозоғистоннинг энг катта шаҳри ва олдинги пойтахти Олмаота шаҳрининг марказий кўчасига жорий президент Нурсултон Назарбоев номи берилди.
Олмаота шаҳар кенгаши адвокати Берик Манизоровнинг Озодликка билдиришича¸ шаҳар кенгашининг 30 ноябрь кунги йиғилишида марказий кўчадан Дмитрий Фурманов номини олиб ташлаб¸ уни Нурсултон Назарбоев авенюси деб номлашга қарор қилинган.
Мустақилликдан сўнг Қозоғистондаги аксар совет ном ва атамалари кўчалардан олиб ташланган бўлса ҳам¸ Қизил армия командири Василий Чапаев ҳақидаги китоб муаллифи Дмитрий Фурманов номи Олмаотада сақланиб келди.
1989 йили Қозоғистон коммунистик партияси 1-котиблигига тайинланган Нурсултон Назарбоев 1991 йили Қозоғистон мустақил бўлгандан бери унинг ягона президенти бўлиб қолмоқда.
Аксар қозоғистонликлар Назарбоев даврида қурилган мамлакат янги пойтахти – Остона шаҳрига ҳам келажакда Нурсултон Назарбоев номи берилишини тахмин қилмоқда.