Ўзбекистон Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев билан учрашишга келган одамлар ОМОН воситасида тинчлантирилди. Бу ҳақда Бибиси радиоси воқеа гувоҳларига таянган ҳолда хабар берди.
Маълумотда айтилишича, 1 декабрь куни 50 нафарга яқин одам прокуратура биноси олдига йиғилиб, Бош прокурор қабул қилишини талаб этган. Воқеа гувоҳлари уларни тинчлантириш учун ОМОН формасидаги 2 киши ва 4 милиция ходими келганини, улар йиғилганларни милицияга олиб кетиш билан таҳдид қилганларини айтганлар.
“...Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ҳар ойнинг биринчи жумасида фуқароларни қабул қилиши маълум қилинган. Бироқ шикоят билан келаётган фуқароларнинг айримлари қарийб уч ойдан бери Бош прокурор билан учрашолмаяпти”, деб ёзди Бибиси.
Хабарда айтилишича, қабулга келганлар орасида яқинлари қийноққа солинганлар ҳам бўлган.
“Август ойида сайёр қабул ташкил қилган Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев тергов давомида қийноқлар қўлланилгани бўйича ҳолатни кўриб чиқишга сўз берган. Бироқ қийноққа тутилганлар яқинларининг айтишича, бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти”, дейилади хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрда қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолаган эди.
Мазкур фармонда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан белгиланган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт қилиб белгиланган.