Қирғиз фаоллари Бишкекка БМТ махсус маърузачиси чақирилишини талаб қилмоқда

Бишкекда жорий йил ёзида дарахтлар кесилишига қарши чиққан намойишчилар ҳам милиция томонидан қўлга олинган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари БМТнинг тинч йиғилишлар бўйича махсус маърузачисини мамлакатга таклиф қилишни қирғиз ҳукуматидан талаб қилмоқда. Фаоллар фикрича, сўнгги икки йилда одамларнинг тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи Қирғизистонда қўпол тарзда бузилмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қирғиз фаоллари Бишкекка БМТ махсус маърузачиси чақирилишини талаб қилмоқда

БМТнинг тинч йиғилишлар бўйича махсус маърузачисини Қирғизистонга таклиф қилиш ташаббуси Бишкекда 5 декабрда ўтган ҳуқуқ фаоллари анжуманида кўтарилди. Фаоллар ҳукуматга бу борада махсус мурожаат йўлладилар.

Мухолифатчи ёшларнинг “Жани муун” ҳаракати аъзоси Айбек Мирзага кўра, махсус хизматларнинг намойишлар ҳуқуқини бузиши чидаб бўлмас даражага етган.

​- Жуда хавфли тенденция пайдо бўлди. Масалан, кимдир бировга “Эртага намойишга чиқиб мана бу масала қонуний ҳал этилишини талаб қилайлик”, деса, уни махсус хизматлар дарров ёзиб олиб, халққа эълон қилиб: “Бу одамларнинг нияти бузуқ, ҳокимиятни босиб олишмоқчи”, деб айтишаяпти. Намойишга чиқмоқчи бўлганларга жиноят ишларини очишаяпти, уларни қўрқитиш анъанага айланиб бормоқда,-деди ёш фаол.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Айбек Мирзанинг бу баёнотига жавоб беришдан ёки уни шарҳлашдан бош тортди.

Таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова Айбек Мирзанинг фикрига қисман қўшилади.

-2012-2014 йилларда намойишлар бўйича ҳуқуқлар яхшиланди. Бироқ 2015 йилдан бошлаб, айниқса, жорий йилда намойишлар ҳуқуқи жуда ёмонлашди. Бугунги кунда судлар икки-уч ой олдин намойишнинг олдини олиб тинч йиғилишларни тақиқлаш тўғрисида қарор чиқариб қўймоқда. Суднинг қарори хатто Конституциядан ҳам устун бўлаяпти. Жорий йилда Бишкекда тўртта мана шундай суд ҳукми чиқди ва пойтахтда жами 7 ой намойиш ўтказиш тақиқланди, -деди Азиза Абдурасулова.

Бироқ Олий суд расмийлари ҳуқуқ фаолларининг бу билдирувларини асоссиз, деб ҳисобламоқдалар.

-Намойишлар тақиқланган қарорлар қабул қилинган. Бу қарорларда намойишларни айрим жойларда, масалан, ҳукумат уйининг олдида ўтказмаслик кераклиги айтилган холос. Бу тақиқ доимий равишда эмас, балки муайян бир муддатга жорий этилган. Шунинг учун, асосингиз ва маҳллий бошқарувдан рухсатингиз бўлса, ҳеч қандай тўсиқларсиз намойиш ўтказсангиз бўлаверади, -деди Олий суд расмийси Сатарбек уулу Мирбек.

Айни пайтда парламентдаги ҳукумрон социал-демкоратлар партиясидан депутат Рискелди Момбеков ҳуқуқ фаолларининг гапларида жон бор, деб ҳисоблайди.

​- Митинглар, пикетлар ва қарама-қарши фикрларга, албатта, ўрин берилиши лозим. Бу нарсалар мамлакатимизнинг ривожланишига туртки берадиган воситалардир, -деди депутат.

Қирғизистон матбуотининг Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, 2010 йилдан 2014 йилгача Қирғизистонда 4 минг 75та норозилик намойишлари ўтказилган. Уларда 277 минг одам иштирок этган.

2015 йилдан бери Қирғизистонда намойишлар сони кескин озайгани кузатилади. Бироқ бу борада аниқ статистик маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас.