Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида одамлар кўп қатнайдиган ва тиқин бўладиган чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ҳамда қайта қуриш бўйича ишлар 2018 -2019 йилларда амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитасига таянган ҳолда “Газета.uz” 10 декабрда маълум қилди.
Ўзбек ва қозоқ божгирлари ҳамда чегарачилари 9 декабрь куни “Яллама” чегара –ўтказиш пунктида учрашиб, чегара-божхона инфраструктурасини яхшилаш бўйича икки давлат ўртасида имзоланган “Йўл харитаси”ни амалга ошириш масаласини муҳокама қилган.
Мазкур режа қозоқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг сентябрь ойида Тошкентга қилган сафари доирасида қабул қилинган эди.
Хабарда айтилишича, “Йўл харитаси”нинг амалга тадбиқ этилиши ортидан чегараларнинг одамларни ўтказиш имконияти кенгаяди, чегара пунктлари замонавий техника билан таъминланади, бунинг натижасида эса чегарадаги узоқ навбатлар ва тиқинларга барҳам берилади.