Истамбул террорчиси сифатида кўрилаётган Абдулқодир Машарипов ўзига нисбатан бошланган суд жараёнида кўрсатма беришдан бош тортди.
Ўзбекистон ватандоши бўлган Абдулқодир Машариповга нисбатан суд жараёни 11 декабрда Истанбулдаги Силиври қамоқхонасида хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган вазиятда бошланган эди. У Reina тунги клубига қилинган ҳужумнинг бевосита ижрочиси сифатида террордан 17 кун ўтиб қўлга олинган эди.
Прокурорлар Абдулқодир Машариповга 40та умрбод қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда. Абдулқодир Машарипов Reina тунги клубидаги ҳужумга алоқадорликда айбланиб қўлга олинган 57 одамдан бири. Айблов билдирилганлар орасида унинг турмуш ўртоғи Зарина Нуруллаева ҳам бор.
2017 йилнинг 1 январига ўтар кечаси Истанбулдаги Reina тунги клубида амалга оширилган ҳужумда 39 киши ҳалок бўлган, 69 одам яраланган эди. Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган.