Ўзбекистон Қирғизистонни халқаро арбитражга берди

Ўзбекистоннинг Иссиқкўлдаги "Роҳат" пансионати. Ҳозирда пансионат номи ўзгарган.

АҚШдаги халқаро арбитраж расмий Тошкентнинг Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон олиб қўйганидан норозилик билдириб, киритган даъво аризасини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда 12 декабрь куни ўтказилган Қирғизистоннинг иқтисодий ва фискал сиёсат бўйича парламент қўмитаси йиғилишида маълум қилган Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Дайир Кенекеев ушбу масала келишувлар йўли билан ҳал қилиш ҳаракатлари бўлаётганини айтди:

"Биласизки, Қирғизистон бу объектларни қайтариб олгач, Ўзбекистон АҚШдаги халқаро арбитражга мурожаат қилди. Ҳозирда ушбу иш судда кўрилмоқда. Қирғизистон ҳукумати ушбу муаммони ҳуқуқий асосларда ҳал бўлишидан умидвор", деди Кенекеев.

2016 йил 4 апрелида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Ўзбекистон пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган эди. Бу қарордан сўнг Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси масъули Бишкек пансионатлар учун Тошкентга товон пули тўламаслигини билдирган.

Қирғиз расмийларига кўра, Қирғизистоннинг янги президенти Сўўрўнбой Жээнбековнинг Ўзбекистонга сафари арафаси пансионатлар билан боғлиқ масала шошилинч равишда кун тартибига чиққан.