Қирғизистон Иссиқкўлдаги 4 пансионатни Ўзбекистонга қайтаришни режалаштирмоқда.
Қирғизистон парламентининг Иқтисодиёт ва фискал сиёсат қўмитаси 12 декабрь куни пансионатларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича шартномани қўллаб-қувватлади. Шартномани депутатларга бош вазир ўринбосари Дайир Кенекеев тақдим этди.
Кенекеевга кўра, президент Сўўрўнбой Жээнбековнинг Ўзбекистонга сафари арафасида пансионатлар билан боғлиқ масала шошилинч равишда кун тартибига чиққан. Сўўрўнбай Жээнбековнинг Тошкентга расмий сафари 13-14 декабрь кунлари амалга оширилади.
-Собиқ президент Алмазбек Атамбаев Ўзбекистонга расмий ташриф билан борганида бу пансионатларни қайтариш бўйича келишувга эришилган эди, -деди бош вазир ўринбосари.
Шартномага кўра, пансионатлар жойлашган ерлар Қирғизистонга қарашли бўлиб қолаверади, пансионатларни бошқариш ҳуқуқи Ўзбекистонга берилади. Ўзбекистон пансионатларни яқин йилларда 3-4 юлдузли меҳмонхоналарга айлантириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Пансионат ходимларининг 80 фоизи ҳам қирғизистонликлар бўлиши шарт.
2016 йил 4 апрелида Ўзбекистон билан муносабатлар ёмонлашгани ортидан Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Темир Сариев Иссиқкўлдаги Ўзбекистонга қарашли “Дилором”, “Роҳат”, “Олтин қум” ва “Бўстон” пансионатларини Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор имзолаган эди.
Бу қарордан сўнг Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармаси масъули Бишкек пансионатлар учун Тошкентга товон пули тўламаслигини билдирган.