Ислом ҳамкорлик ташкилоти шарқий Қуддусни Фаластиннинг босиб олинган пойтахти деб эълон қилди

ислом ҳамкорлик ташкилотининг Истанбул саммитида иштирок этган давлат раҳбарлари.

Ислом ҳамкорлик ташикилотининг Истанбулда ўтган фавқулодда йиғилишида ташкилотга аъзо бўлган 57 давлат “Ислом ҳамкорлиги ташкилоти фаластинлик барча биродарларни, жумладан, Фаластин давлати раҳбари Маҳсуд Аббосни пойтахти шарқий Қуддус бўлган суверен ва мустақил Фаластин давлати учун курашда қўллаб-қувватлайди”, деб эълон қилинди.

Anadolu агентлиги ҳамда Бибиси радиосида берилган хабарларга таянилса, “Ислом ҳамкорлик ташкилоти пойтахти Қуддус бўлган 1967 йил чегараларидаги мустақил ва суверен Фаластин давлатини тан олиш мажбуриятидан қайтмайди ва буни минтақадаги тинчлик ва барқарорликнинг асосий шарти, деб ҳисоблайди”.

Ташкилот саммити якунида қабул қилинган баёнотда Қуддус Исроил томонидан аннекция қилинган шаҳар, сифатида таъкидланган ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Дональд Трампнинг АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олишини “ҳам ҳуқуқий, ҳам тарихий, ҳам ахлоқий томондан ноқонуний”, деб ҳисоблайди.

Ташкилот пойтахти шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлатини тан олишини таъкидлаб, жаҳон ҳамжамиятини Фаластин давлатини тан олишга, шарқий Қуддусни эса Фаластиннинг босиб олинган пойтахти, деб тан олишга чақирди.

Мазкур саммитда Ўзбекистон номидан Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев иштирок этди. Бироқ Ўзбекситон ҳозирча бу масалада ўз позициясини эълон қилгани йўқ.

Аввалроқ Озодлик радиоси Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббос БМТни АҚШни Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик шартномасига эришиш бўйича воситачи мақомидан мосуво этишга чақиргани ҳақида хабар берган эди.

“Биз бундан буён АҚШ Фаластин ва Исроил ўртаисдаги сиёсий жараёнда воситачи эканини тан олишдан бош тортамиз”, деди Аббос.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишини очиб берган Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни “Исроил босиб олган Қуддусни Фаластин пойтахти сифатида тан олиш”га чақирди.