БМТ Хавфсизлик кенгаши 18 декабрда АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиш қарорини йўққа чиқарувчи резолюция лойиҳасини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Ройтер ва Франс Пресс агентликлари бу ҳақда исми айтилмаган дипломатларга таянган ҳолда 17 декабрда хабар берди.
Маълумотда айтилишича, қарор лойиҳаси Миср делегацияси томонидан тайёрланган. Миср Қуддус мақомига оид ҳар қандай бир томонлама ҳужжат ноқонуний, деб ҳисоблашини билдирмоқда.
Мазкур резолюция қабул қилиниши учун Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 9 нафарининг овози керак бўлади.АҚШ мазкур резолюция қабул қилинса, унга вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Трамп 6 декабрь куни Қўшма Штатлар Қуддусни Исроил давлатининг пойтахти деб расман тан олишини эълон қилди. Мазкур қарор халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқиди ва норозилигига сабаб бўлди.