Мирзиёев аччиқ қалампир экиш тўғрисида кўрсатма берди

Қорақалпоғистонда 2018 йилда 15 минг гектар ерга қизил қалампир экилади.

Президент Шавкат Мирзиёев пахтадан кам ҳосил олинадиган жойларга Индонезиядан келтириладиган ва 60-80 кун ичида пишадиган аччиқ қалампир экиш ҳақида кўрсатма берди. Бу ҳақда ЎзА 18 декабрда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, мутахасислар бугунги кунда жаҳонда 4,4 миллион гектар ерга аччиқ қалампир экилаётганини ва ундан йилига 68,3 миллион тонна ҳосил олинаётганини билдирмоқдалар. Бир гектар ердан 15-20 тонна аччиқ қалампир олиш мумкин. Беш кило ҳўл мевадан 1 кило қуритилган қалампир олинади.

Бундай маҳсулотнинг 1 тоннаси жаҳон бозорида ўртача 8 минг 640 доллар экани айтилмоқда. 2017 йилда аччиқ қалампирдан олинган умумий даромад жаҳонда 30 миллиард доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Аччиқ қалампирнинг асосий қисми Индонезия, Хитой ва Мексикада етиштирилади.

Хабарда айтилишича, Беруний туман ҳокими Фарҳод Эрмонов 2018 йилда тумандаги 1000 гектар ерга аччиқ қалампир экалишини билдирган.

Мирзиёев кўрсатмасига биноан Қорақалпоғистонда 2018 йилда 15 минг гектар ерга қизил қалампир экилади, дейилади хабарда.

15 декабрь куни Қорақалпоғистонга сафар қилган Шавкат Мирзиёев бу минтақада пахта ўрнига қизилмия экишни тавсия қилди.