Тошкентдаги Халқаро пресс клубнинг навбатдаги йиғилишида Бош прокуратура расмийси Баҳром Қобилов яқин муддатда милиция ва прокуратура ходимлари даромадлари ҳамда мулклари тўғрисида солиқ декларацияси топшириш мажбуриятига эга бўлишларини маълум қилди.
Унга кўра, коррупцияга қарши давлат дастури ва Ҳаракатлар стратегиясига биноан ишлаб чиқилаётган янги қонунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг солиқ декларацияси топшириши жорий этилади.
Бу борада 18 декабрда хабар берган Podrobno.uz нашрига кўра, мазкур қонун қабул қилинса, давлат идоралари раҳбарларининг солиқ декларациялари сир тутилмайди ва матбуотда эълон қилинади. Оддий ходимлар эса қонунда белгиланган умумий тартибда солиқ декларация топширадилар.
Аввалроқ “Давлат хизмати” тўғрисидаги қонун лойиҳаси Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида эълон қилинган эди. Мазкур қонунда “кичик мутахасис” мақомидан ташқари барча давлат амалдорлари ҳар йили ўзининг ва оила аъзоларининг даромадлари ва чиқимлари, мулклари тўғрисида декларация топшириши шартлиги белгиланган.
Қонун лойиҳасида давлат хизматчиси ўзининг ва оила аъзоларининг даромадалари ва мулки тўғрисида нотўғри маълумотларни берган бўлса, уни лавозимидан бўшгатиш назарда тутилади.