Трамп Қуддус масаласида АҚШга қарши чиқувчиларни огоҳлантирди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Президент Дональд Трамп БМТнинг АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти эканини тан олгани ноқонунийлиги тўғрисидаги резолюцияси учун овоз берган давлатларга моддий ёрдам кўрсатишни тўхтатишини айтди:

-Бу давлатлар биздан юзлаб миллион ва ҳатто миллиард долларларни олаяпти, кейин эса бизга қарши овоз бераяпти. Биз бу овозларни кузатиб бораяпмиз. Майли, улар бизга қарши овоз бераверишсин, биз эса бундан анча маблағни тежаб қоламиз. Бизга барибир, -деди Трамп Вашингтонда 20 декабрда ўтган вазирлар йиғилишида.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 18 декабрда АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганини ноқонуний деб ҳисобловчи резолюцияни овозга қўйди. Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлган 15 давлатдан 14 таси ҳужжатни ëқлаб овоз берди¸ аммо АҚШ мазкур резолюцияга вето қўйди.

21 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси араб ва мусулмон давлатлари ташаббуси билан Қуддус масаласига оид фавқулодда шошилинч йиғилиш ўтказади.

Йиғилишда АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олганига қарши навбатдаги резолюция муҳокамага қўйилади.